ХИВА ХОНЛИГИНИНГ ТАШКИЛ ТОПИШИ ТАРИХИ.
Розия Пўлатова
Аннотация
1510 йилда Шайбонийхон вафотидан сўнг Хоразм ҳудуди Эрон шоҳи
Исмоил томонидан бўйсундирилди. 1510-1512 йилларда Хоразмни Эрон
шоҳининг ноиблари идора қилдилар. Аммо, 1512 йилда Хоразм ҳудудларида
эронийларга қарши ҳалқ харакатлари бошланди. Ушбу ҳаракатга Вазир
шаҳрининг (Устюртда, Кўхна Урганчдан 60 км узоқликда жойлашган бу
шаҳарни XVасрда ўзбек хонлардан бўлган Мустафохон барпо этган) қозиси
Умар Шайх бошчилик қилди. Қўзғолончилар Хоразмнинг Вазир, Урганч, Хива,
Хазорасп шаҳарларидаги эроний ноиблар ва уларнинг қўшинларини қириб
ташладилар. 1512 йилада Хоразмнинг обрўли шайхларидан бўлган Шайх
Ота авлодлари кўчманчи ўзбекларнинг Берка султон авлодидан бўлган
Элбарсхонга мактуб йўллаб, уни Хоразм тахтига таклиф қилдилар. Элбарсхон
тахтга ўтиргач, эронийларни мамлакат ҳудудидларидан бутунлай ҳайдаб
чиқариб, амалда мустақил хонликка асос солди. У мамлакат ҳудудларини
ҳозирги Туркманистоннинг жанубий қисми, Эроннинг шимолидаги Серахс
вилояти, Манғишлоқ, Абулхон, Дурун ҳисобига анча кенгайтирди. Аммо, ўзбек
султонлари ва шаҳзодалар ўртасида сиёсий бирлик йўқ эди. Тез орада улар
ўртасида ҳокимият учун ўзаро курашлар авж олиб кетди. Ушбу курашлардан
фойдаланган Бухоро ҳукумдори шайбоний Убайдуллахон 1537 – 1538 йилларда,
қисқа муддат Хоразмни эгаллашга муваффақ бўлди. Мағлубиятга учраган
Аванишхон оиласи билан шайбонийлар томонидан қатл этилди.